Ўзбекистонда алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаганларни қўллаб-қувватлаш бўйича жамғарма ташкил этиш таклиф этилмоқда
Тошкент. 20 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаганларни қўллаб-қувватлаш бўйича жамғарма ташкил этиш таклиф этилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
2017 йил мобайнида Ўзбекистон судларига алимент мажбуриятлари бажарилмаслиги билан боғлиқ 47,4 мингта, 2018 йилнинг биринчи чорагида эса 11,8 мингта ариза келиб тушган. 2017 йилда жиноят ишлар бўйича судлар томонидан 3,7 минг нафар алимент бўйича қарздорларга нисбатан ишлар кўрилган. Ҳозирга келиб алимент тўламаётган 2,3 минг нафардан зиёд фуқарога нисбатан қидирув эълон қилинган. 180 минг нафар қарздор ота ёки она доимий даромад манбаига эга эмаслиги туфайли алимент тўлай олмаётгани аниқланган.
Ушбу маълумотлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Оила муҳитининг фарзанд тарбиясига таъсири: ажримлар таҳлили ва болалар тақдири” мавзусида давра суҳбатида очиқланди.
Парламентдан хабар беришларича, иштирокчилар тарафидан оила институтини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга қарамасдан, ёш оилалар ўртасидаги арзимас муаммолар юзасидан келиб чиқадиган тушунмовчиликлар туфайли ажримларнинги кўпаяётгани таъкидланди.
Депутатлар фикрича, бунинг боиси, оилавий масалалар, ажримларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳали-ҳануз чуқур таҳлил қилиб берилмаяпти. Муаммонинг кўлами ва оқибатлари ҳар томонлама ўрганилмаяпти.
Муҳокама якунларига кўра, ХДП фракцияси аъзолари томонидан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш киритиш таклифи илгари сурилди.
Хусусан, алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаганларни қўллаб-қувватлаш бўйича жамғарма ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Бундан ташқари, жамғарма томонидан тўлаб берилган маблағлар қарздор томонидан мажбурий тартибда ундириб олиниши, мазкур йўналишда самарали механизмни юзага келтириши имкони мавжуд экани қайд этилди.
Шунингдек, қатор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, бу борада қарздорларни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум қилиш амалиётини жорий этиш таклифи илгари сурилди.
Сурат манбаи: http://protoday.uz/uz/55689