Ўзбекистонда алиментлар тўлаш тартибларига ўзгартиш киритилади

Дата: 15:23, 25-09-2017.

Тошкент. 25 сентябр. ЎзТАГ – Парламент қуйи палатаси депутатлари алиментлар тўлаш тартибларини такомиллаштиришга йўналтирилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни чет элга чиқишга доир чекловни олиб ташлаш учун алиментларни олдиндан тўлаш ёки алиментларни тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш имконини берувчи норма билан тўлдирилмоқда. Шундай қилиб, алиментлар тўлаши шарт бўлган шахсларнинг хорижга чиқиш ҳуқуқларини амалга ошириш учун, алиментлар олиш ҳуқуқига эга бўлган болаларнинг манфаатларини бузмаган ҳолда, шарт-шароитлар яратилмоқда”, - дейилади Парламент қуйи палатаси хабарида.

Депутатларнинг фикрига кўра, бугун асосий масала - тўламаган шахсни жазолаш эмас, балки алиментлар тўловини таъминлашдир. Шу билан боғлиқ ҳолда лойиҳада алиментлар тўлашдан бош тортиш муддатини уч ойдан икки ойгача қисқартириш, шунингдек, жарима солиш жазосини бекор қилиш ва қарздорлигини тўлаган ҳолда айбдорни жавобгарликдан озод қилиш таклиф этилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: