Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш тартибларини енгиллаштириш режалаштирилмоқда
Тошкент. 6 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш тартибларини енгиллаштириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги икки ой муддатда мазкур Фармон талабларини инобатга олган ҳолда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Шу жумладан, унда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг таълим, спорт ва диний муассасалардан тўғри чизиқ бўйича икки юз метрдан ортиқ радиусда жойлашган савдо объектларида, шунингдек, умумий савдо майдони минг квадратметрдан ортиқ бўлган савдо мажмуалари (бозорлар) ва ярмарка павильонларида реализация қилишни кўзда тутилсин”, - дейилади президентнинг 5 февралдаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида.
Шунингдек, ҳужжат билан алкоголь маҳсулотлари айланмасини ҳисобга олиш ахборот тизимига уланишни асосий лицензия талаби сифатида белгилаган ҳолда алкоголь маҳсулотининг улгуржи савдосини амалга ошириш бўйича лицензия фаолиятининг янги турини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, қонун билан республика ҳудудига алкоголь маҳсулотларини полиэтилен, полистирол ва бошқа полимер материаллардан тайёрланган полимер истеъмол идишларида олиб киришга тақиқ ва жавобгарликни ўрнатиш режалаштирилмоқда, пиво ва вино маҳсулотлари бундан мустасно.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини таълим, спорт ва диний муассасалардан 500 метрдан ортиқ масофада жойлашган дўконларда сотиш мумкин.
Сурат манбаи: https://pershij.com.ua


