Ўзбекистонда алоқани назорат қилувчи инспекция уяли операторларни огоҳлантирди

Дата: 12:53, 16-10-2015.

Тошкент. 16 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда алоқа операторларига улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати қониқарсизлиги муносабати билан кўрсатмалар берилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида ўзининг giz.uz сайтида Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси маълум қилди.

Инспекция томонидан Электромагнит мослашув маркази ДУК билан ҳамкорликда ўтказилган радиомониторинг ҳамда операторлар тақдим этадиган тармоқ сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги ойлик ҳисоботлар ва таянч станциялар тўхталишлари бўйича маълумотлар, шунингдек, келиб тушган мурожаатлар таҳлили натижаларига асосида қатор қоидабузилишлар аниқланганни маълум қилинмоқда.

Улар орасида “мобиль алоқа хизматлари сифат кўрсаткичларининг белгиланган меъёрларга мувофиқ эмаслиги, абонентларга мобиль алоқа хизматларидан туну кун фойдаланиш имконияти яратилмагани, аҳоли кам истиқомат қиладиган ҳудудлар бундай алоқа билан тўлиқ қамраб олинмагани”, бу эса ушбу ҳудудларда истиқомат қиладиган аҳоли мурожаатлари сони кўпайишига олиб келаётгани кабилар бор.

Келтирилган қоидабузилишларни ҳисобга олган ҳолда инспекция “юқоридаги қамчиликларга йўл қўйган Coscom (Ucell савдо белгиси), Unitel (Beeline), RWC (Perfectum) ва “Узбектелеком” (Uzmobile) мобиль алоқа операторларига алоқа хизматини амалдаги Ўзбекистон Республикаси қонун ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ кўрсатишни таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди”.

Янгилик билан ўртоқлашиш: