Ўзбекистонда амалдорларни моддий рағбатлантириш тизими жорий этилади

Дата: 10:01, 10-05-2017.

Тошкент. 10 май. ЎзТАГ – 2017 йилнинг 1 июлидан эътиборан Ўзбекистонда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини аҳоли бандлигини ошириш учун моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини кучайтириш тизими жорий этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир тегишли қарор мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.

“Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари аҳоли бандлиги ўсишининг тасдиқланган ҳар чорак прогноз кўрсаткичлари (кейинги ўринларда – прогноз кўрсаткичлари) бажарилишини таъминлаган тақдирда уларга лавозим маошларининг 15% миқдорида мукофот тўланади, прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланмаган тақдирда лавозим маошларининг 15% миқдорида жарима шаклида интизомий жазо чоралари қўлланилади”, - деб таъкидланади хужжатда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига, иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланган тақдирда лавозим маошларининг 20% миқдорида мукофот тўланади, прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланмаган тақдирда лавозим маошларининг 20% миқдорида жарима солинади.

Агар маҳаллий ижроия ҳокимияти ва иқтисодий комплекс ҳудудий органлари раҳбарларининг аҳолини иш билан таъминлаш бўйича шахсий масъулиятини кучайтириш тўғрисида меъёр кўзда тутилган бўлиб, унга кўра тасдиқланган прогноз кўрсаткичлари узлуксиз икки чорак давомида ёки йил давомида уч чоракда бажарилмаган тақдирда уларнинг эгаллаб турган лавозимларига нолойиқлиги масаласи кўриб чиқилади.  

Янгилик билан ўртоқлашиш: