Ўзбекистонда “Қамчиқ” довонидан эски ва ошиқча юк ортилган транспорт ўтказилмайди
Тошкент. 3 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Қамчиқ” довонидан эски ва ошиқча юк ортилган транспорт ўтказилмайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 июлдаги "Қамчиқ" довони орқали автомобиль транспортида юк ташишни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 204-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталида эълон қилинди.
“2017 йил 1 январдан “Қамчиқ” довони орқали 25 йил ва ундан ортиқроқ вақт давомида фойдаланилган юк машиналари ва шатакчи-автомобилларда юк ташиш таъқиқлансин" - дейилади қарор лойиҳасида.
“2017 йил 1 июлдан довон орқали бир етакловчи ўққа тушадиган юклама 11,5 тоннадан ошадиган автотранспорт воситалари, иккиталик ўққа тушадиган умумий юклама 20 тоннадан ва учталик ўққа тушадиган юклама 24 тоннадан ошадиган тиркама, яримтиркама, юк автомобиллар, шатакчи-автомобиллар ёрдамида юкларни ташиш таъқиқлансин”, - деб таъкиддланаи хужжатда.
Қарор лойиҳасида ўқларга тушадиган юклама кўрсаткичлари ваколатли идораларнинг махсус рухсатларига кўра йирик габаритли, бўлинмайдиган ва оғир вазнли юкларни ташувчи ва "Қамчиқ" довони йўл-транспорт инфратузилмаси объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш бўйича ишларга жалб қилинган юк автотранспорт воситаларига татбиқ қилинмаслиги ҳам айтиб ўтилган.


