Ўзбекистонда амнистия бўйича 40 минг атрофида киши озод қилинди

Дата: 14:50, 24-01-2017.

Тошкент. 24 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда мамлакат Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан 40 минг атрофида киши амнистия бўйича озод қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Расмий ОАВ хабарларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати томонидан амнистия актини қўллашга ажратган 3 ойлик муддат поёнига етган. Бу сафар 39748 кишига нисбатан амнистия акти қўлланилган.

5408 нафар аёл киши, қонунбузарлик содир этган пайтида 18 ёшга тўлмаган 893 нафар ёш ва 1045 нафар 60 ёшдан ошган шахс жазодан озод қилинди. Яна 14 киши соғлиги ҳолатидан келиб чиқиб озод этилди.

Амнистиянинг бошқа пунктларига мувофиқ озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган маҳкумларни озод қилиш ёки ўталмаган муддатининг маълум қисмини қисқартириш кўзда тутилган.

Парламент маҳкумларни амнистия қилиш ҳуқуқини 2005-йилда олган эди. Бунга қадар ушбу қарор президент томонидан қабул қилинган.

Эслатиб ўтамизки, амнистия қабул қилиш ҳақидаги таклифни Ўзбекистон парламентининг юқори палатасига ўтган йилда ўша пайтда президент вазифасини бажарувчи бўлган Шавкат Мирзиёев киритган эди. Ўзбекистон Сенати“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги ҳужжатни ўтган йил 12 октябрдаги ялпи мажлисида қабул қилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: