Ўзбекистонда амнистия ҳукм қилинганлар ва гумондагиларнинг беш гуруҳига ёйилиши мумкин

Дата: 14:55, 11-10-2016.

Тошкент. 11 октябр. ЎзТАГ - Ўзбекистонда Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Сенатга киритган тақдимномасига мувофиқ, амнистияни ҳукм қилинганлар ва гумондагиларнинг беш гуруҳига ёйилиши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Мирзиёев тақдимномани Сенатга Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан кеча 10 октябрда киритди. Сенаторлар уни эртага, 12 октябрдаги ялпи йиғилишда кўриб чиқадилар.

Жумладан, биринчи гуруҳда ҳукм қилинган: аёлларни; жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахсларни; 60 ёшдан ошган эркакларни; чет давлатлар фуқароларини; I ва II гуруҳ ногиронларини; сил касаллигининг фаол шаклига чалинган шахсларни жазодан озод қилиш (Жиноят кодексининг 167- ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни қопламаган, Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисми “д” бандида назарда тутилган, шунингдек, ўта оғир жиноятларни содир этган шахслар бундан мустасно).

Иккинчи гуруҳда эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахсларни, шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни қасддан содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахсларни жазодан озод қилиш (Жиноят кодексининг 167- ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни қопламаган шахслар бундан мустасно). 

Учинчи гуруҳга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати уч йилдан кўп бўлмаган, ҳукми қонуний кучга кирган маҳкумларни жазодан озод қилиш (Жиноят кодексининг 167- ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни қопламаган, Жиноят кодексининг 97-моддаси, 104-моддаси учинчи қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахслар бундан мустасно). 

Тўртинчи гуруҳда  аёллар; жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар; 60 ёшдан ошган эркаклар; чет давлатлар фуқаролари; I ва II гуруҳ ногиронлари; сил касаллигининг фаол шаклига чалинган шахсларга (Жиноят кодексининг 167- ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни қопламаган, Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисми “д” бандида назарда тутилган, шунингдек, ўта оғир жиноятларни содир этган шахслар бундан мустасно) нисбатан барча жиноят ишларини тугатиш.

Бешинчи гуруҳда амнистия актига асосан озод қилинмайдиган шахсларнинг ўталмай қолган жазо муддатини қасддан содир этган жиноятлари учун ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинганларга - учдан бир қисмига; қасддан содир этган жиноятлари учун ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганларга - тўртдан бир қисмига қисқартириш, бунда, Жиноят кодексининг 97-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган шахсларнинг жазо муддатини қисқартирмаслик таклиф қилинмоқда.

Бундан ташқари, тақдимномада содир этилган жиноий қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва оқибатларини ҳисобга олган ҳолда узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган; тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган; ўта хавфли рецидивист деб топилган; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган; муқаддам афв этиш ёки амнистия тартибида жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ва яна қасддан жиноятлар содир этган; ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларга нисбатан амнистия актини татбиқ этмаслик кўзда тутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: