Ўзбекистонда қамоққа олиш шаклидаги жиноий жазо ўрнига “мажбурий жамоат ишлари” жорий этилди

Дата: 13:15, 30-03-2017.

Тошкент. 30 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш учун қамоққа олиш шаклидаги жиноий жазо ўрнига “мажбурий жамоат ишлари” жорий этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Ушбу қонун 28 март куни юқори палата ялпи мажлисида кўриб чиқилди.

Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тайёрланди.  

Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Жиноят-ижроия кодексларига, “Судлар тўғрисида”ги ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларда қамоққа олиш тарзидаги жиноий жазони бекор қилиш назарда тутилмоқда, шу билан бир вақтда жиноий жазолар тизимига озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тури – “мажбурий жамоат ишлари” киритилмоқда.

Бундан ташқари, жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни қамоқда сақлаш муддати 72 соатдан 48 соатгача, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, шунингдек, дастлабки тергов муддатлари 12 ойдан 7 ойгача қисқартирилмоқда.  

Бундан ташқари, ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйишга ва мурдани эксгумация қилишга санкциялар бериш ҳуқуқини прокуратурадан судларга бериш назарда тутилмоқда.

Қонунга мувофиқ судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни рад этишда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилмоқда.

Бунда суд томонидан қўшимча тергов ўтказиш учун жиноят ишини қайтариш институти бутунлай бекор қилинмоқда, суд текшируви жараёнида камчиликларни тўлдириш механизмлари қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Қонунда фуқаролик ишлари бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилмоқда. 

Шу билан биргаликда, Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсатининг ишларни назорат тартибида кўриб чиқишга доир бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: