Ўзбекистонда анъаналар сақланган ҳолда тараққиёт кузатилмоқда – озарбайжон депутати

Дата: 15:51, 23-12-2014.

Тошкент. 23 декабр. ЎзТАГ – Озарбайжон миссияси Ўзбекистон Қонунчилик палатасига сайловларнинг ташкил қилиниши ва ўтказилишини ажойиб деб баҳолади. Бу ҳақида яқинда Trend агентлигига Ўзбекистондаги парламент сайловларида қатнашган Озарбайжон Миллий Мажлиси (парламенти) депутати, Озарбайжон–Ўзбекистон парламентлараро гуруҳи аъзоси Ойдин Аббасов маълум қилди.

У Озарбайжон миссияси Ўзбекистондаги парламент сайловларини кузатар экан, бир томондан демократик ўзгаришлар соҳасидаги ютуқларни, иккинчи томондан, жамиятнинг миллий анъаналарга ғамхўрона муносабатини кўриб, қониқиш ҳосил қилганлигини хабар қилди.

“Ўзбекистон – катта тарих ва анъаналарга эга бўлган мамлакат, ва биз сайлов комиссияси аъзоси бўлган ёшларнинг оқсоқолларни қандай ҳурмат билан кутиб олаётганлигига гувоҳ бўлдик”, - деди Аббасов.

Шунингдек, у озарбайжон миссияси Тошкентдаги ва Самарқанддаги сайлов участкаларига ташриф буюриб, уларнинг иши, овоз беришнинг бориши билан танишганини ҳам маълум қилди.

“Сайловлар Ўзбекистон халқининг мамлакат раҳбарияти томонидан илгари сурилган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлашини кўрсатмоқда”, - деди депутат.

Ўтган якшанба, 21 декабр куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига депутатлар сайловларида 18 млндан ошиқ сайловчи ёки сайлов рўйхатларига киритилганларнинг 89% ошиғи қатнашди.

Сайловчилар мамлакатда рўйхатдан ўтган тўрт сиёсий партия - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП), Ўзбекистон Халқ-демократик партияси (ЎХДП), “Миллий тикланиш” Ўзбекистон Демократик партияси, “Адолат” Социал-демократик партияси номзодлари учун овоз бердилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: