Ўзбекистонда Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлида поездлар ҳаракати бошланди

Дата: 14:58, 23-06-2016.

Тошкент. 23 июн. ЎзТАГ – Куни кеча Тошкентда Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик ва истиқболли лойиҳаси ижроси – Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннелининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Унда Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин иштирок этди. Тадбирнинг Тошкентдаги иштирокчилари ва Қамчиқ довониданги мутахассислар ўртасида телекўприк ташкил этилди.

“Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл тизимида ҳаракатланадиган “Ўзбекистон” йўловчи поездининг Қамчиқ туннелидан ўтишига рухсат берувчи семафорни ёқиш учун махсус тугмани босдилар. Дастлабки поезд Қамчиқ туннелини – Сардаладан бошланиб Чодак қишлоғигача бўлган 19,2 км масофани 16 дақиқа 30 сонияда босиб ўтди”, - деб таъкидлашди “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясида.

Денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда жойлашган Қамчиқ довони орқали ўтган Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл линиясининг ишга туширилиши Фарғона водийси вилоятлари ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари ўртасида темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш имкониятини яратади. Шу билан бирга, Хитой-Марказий Осиё-Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Хитойнинг “China Railway Tunnel Group” компанияси ҳамкорлигида бунёд этилган туннель қурилишига умумий қиймати $455 млнни ташкил қилди.

Қамчиқ темир йўл туннели қурилиш ишлари мураккаблиги жиҳатидан дунёда 8-ўринни, узунлиги бўйича дунёда 13- ва МДҲда 1-ўринни эгаллайди.

Бошланғич ҳисоб-китобларга кўра, фақат жорий йилда янги темир йўл хизматларидан 600 мингдан зиёд йўловчилар фойдаланадилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: