Ўзбекистонда антибиотиклар чидамлиликни ўрганиш бўйича марказ яратилади

Дата: 13:18, 20-11-2015.

Тошкент. 20 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институтида (ЭМЮК ИТИ) Антимикроб резистентлик бўйича марказ ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Соғлиқни-сақлаш вазирлигидан хабар қилишларича, марказни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ҳудудида микробга қарши резистентликни тўхтатиш бўйича дастурни жорий қилиш ва такомиллаштиришни мувофиқлаштириш ва методик ёрдам кўрсатиш ҳисобланади.

Ушбу ва бошқа шу каби масалалар ҳақида Тошкентдаги антибиотиклардан хабардорлик Бутунжаҳон кунига бағишланган тадбирда гапирилди. Учрашув доирасида мамлакатимиз олимлари билан бир қаторда, хориж давлатларидан ташриф буюрган йирик тадқиқотчилар маърузалар билан қатнашдилар.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти директори А.Абдушукуровнинг таъкидлашича, мазкур муҳокамадан кўзланган мақсад микроорганизмларнинг микробга қарши препаратларга нисбатан чидамлилигини ўрганишдек долзарб муаммо соҳасида ўзаро самарали маълумот алмашишдир.

Тадбир давомида мутахассислар кўп қайд этиладиган касаллик қўзғатувчи инфекцияларнинг антибиотикорезистентлиги, вирусга қарши, антибактериал ва паразитларга қарши препаратларнинг оптимал схемасини танлашда шифокор ёндашуви ва касаллик қўзғатувчилар диагностикаси, бактериологик лабораторияларнинг керакли ускуналар билан таъминланиши каби долзарб мавзуларни муҳокама қилдилар.

Шунингдек, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг етакчи экспертлари касалликларни эрта босқичда аниқлашда замонавий технологияларни қўллаш бўйича тажриба алмашдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: