Ўзбекистонда Антидопинг агентлиги ташкил қилинди

Дата: 16:25, 04-01-2018.

Тошкент. 4 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида 3 январ куни давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур ҳужжат соғлом ва хаққоний спортни тарғибот қилиш ҳамда Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг кодекс ва стандартларини Ўзбекистонда самарали амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси спортчиларининг 2020 йил Токиода (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлигига барча шарт-шароитларни яратишга қаратилган.

Ўзбекистон бошқа давлатлар қаторида 2010 йилда Спортда допингга қарши кураш бўйича халқаро конвенцияни ратификация қилган.

Миллий антидопинг агентлиги зиммасига Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг антидопинг бошқаруви ва менежменти (ADAMC) махсус дастурини республикада жорий этиш ва қўллаш масъулияти юклатилган.

Мазкур дастур орқали агентликни фаолиятини самарали ташкил этиш ва бутунжаҳон тезкор маълумотлар базаси ахборотларидан фойдаланиш имконияти яратилади, шунингдек, мусобақа ва мусобақалардан ташқари бўлган давр мобайнида допинг-тест жараёнларидан Ўзбекистон спортчилари ўтиши тўғрисида аниқ ахборот шаклланади ва допинг-назорат тизими ташкил этилади. 

Сурат манбаи: https://news.mail.ru/politics/32143801/

Янгилик билан ўртоқлашиш: