Ўзбекистонда антиретровирус терапияси билан 13 мингдан зиёд ОИВ инфекцияли шахслар қамраб олинди
Тошкент. 22 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда даволанишга ва ҳаёт сифатини яхшилашга муҳтож 13 минг нафардан ортиқ ОИВ инфекцияли шахсларнинг антиретровирус терапия (АРВТ) билан қамраб олинган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон ССВ сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.
Маълумотга кўра, бундан ташқари, республикада мигрантларнинг ОИВ инфекциясига текширишлар билан қамраб олиниши 95%гача ортди, мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари орасида ОИВ инфекцияси тарқалиб кетишини олдини олиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ҳозирга келиб никоҳланувчилар ва ҳомиладор аёллар ОИВ инфекциясига 100% текширилмоқда. ОИВ инфекциясини онадан болага ўтишини олдини олиш борасида амалга оширилган тадбирлар натижасида ОИВ инфекцияли оналардан 99,8%гача бўлган ҳолатда соғлом болалар туғилмоқда.
Ҳукумат даражасида қабул қилинган ҳужжатларга мувофиқ, тиббиёт ходимлари, никоҳланувчилар, ҳомиладорлар, гиёҳванд модда истеъмол қилувчилар, қон ва биологик суюқликлар донорлари, ОИВ инфекцияли онадан туғилган болаларда ОИВ инфекциясига мажбурий тиббий текширувлар ўтказилмоқда.
Натижада йилдан-йилга лаборатория текширувлари сони ортиб бормоқда. ОИВ инфекциясига текширувлар сонининг ортиши ОИВ инфекцияли шахсларнинг эрта аниқланишига ва ОИВ инфекцияни юқтириб олишга мойил гуруҳлар орасида тегишли профилактик ва эпидемияга қарши ишларнинг ўз вақтида ўтказилишига олиб келади.
Хусусан, 2015 йил натижасига кўра, ОИВ инфекциясининг парентерал йўл билан юқиши 2000 йилга қараганда 3,3 мартага, донорлар орасида касалланиш 2 мартага камайди. ОИВ инфекциясининг онадан болага ўтиши 18 мартага камайди, агар 2000 йилда ушбу кўрсаткич 6,3%ни ташкил этган бўлса, 2015 йил якунида бу кўрсаткич 0,2%гача камайди.
Республика ОИТСга қарши кураш маркази 2016 йилнинг июл ойидан Глобал Жамғарманинг ОИВ/ОИТС компоненти бўйича асосий реципиент бўлди.


