Ўзбекистонда ҳар 10 сўмдан деярли 6 сўми таълимга йўналтирилган

Дата: 12:59, 01-06-2018.

Тошкент. 1 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ижтимоий соҳага йўналтирилган ҳар 10 сўмдан деярли 6 сўми таълимга йўналтирилган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 31 май кунги навбатдаги мажлисида келтирилди. Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилги ҳамда 2018 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқдилар.  

“Қайд этиш зарурки, ижтимоий харажатларнинг Давлат бюджети харажатларидаги улуши 55,2 фоизни ташкил қилди. Ижтимоий харажатларнинг 58,7 фоизи таълим тизимини сақлаш ва ривожлантиришга, 26,9 фоизи соғлиқни сақлаш соҳаси харажатларига сарфланганлиги алоҳида қайд этилди, бу ҳол мамлакатда инсон капиталини ўстиришга ва аҳоли саломатлигини таъминлашга бўлган эътибордан далолат беради”, - дейилади парламент Ахборот хизматининг хабарида. 

Мажлис якунларига бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилдаги ҳамда 2018 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Сурат манбаи: https://uznet.press/m/91447l.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: