Ўзбекистонда ҳар 100 аҳолига битта ҳамшира тўғри келади
Тошкент. 26 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ҳар 100 аҳолига битта ҳамшира тўғри келади: аҳоли 31 млндан (Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра) зиёд бўлгани ҳолда, тиббиёт муассасаларида 320 минг ҳамшира меҳнат қилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотлар “Ўзбекистонда ҳамширалик иши: бу борада тўпланган тажриба ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида матбуот анжуманида келтириб ўтилди.
Соғлиқни-сақлаш вазирлиги вакилларининг таъкидлашича, жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, олий маълумотли ҳамширалар тайёрлар амалиёти жорий этилган.
Ҳозиргида Тошкент тиббиёт академияси ва бошқа тиббиёт олий ўқув юртларининг “Олий ҳамширалик иши” бўлимларида анестезиология ва реанимация, хирургия, акушерлик ва менежмент йўналишлари фаолият юритмоқда. Бу ерда 3 минг нафардан зиёд бакалавр ҳамширалар ва 80 нафарга яқин магистрлар тайёрланди. Улар даволаш-профилактика муассасаларида бош, катта ва етакчи ҳамшира, тиббиёт институти ҳамда коллежларида ўқитувчи лавозимларида ишламоқда.
Республикада 78 тиббий коллежлар фаолият юритиб, бу ерда ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “устоз-шогирд”, “коллеж-корхона” анъаналари жорий этилган. Бунда талабалар тажрибали ҳамшираларга бириктирилади.
Бундан ташқари, қишлоқ врачлик пунктлари ишини яхшилаш мақсадида ҚВПларда патронаж ҳамшираларнинг ишини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилди. Ўтган йили турли ҳудудлардаги бешта туманнинг 96та қишлоқ врачлик пунктида ҳамширалар ишини рейтинг баҳолаш тизими синовдан ўтказилиб, кўпгина ижобий хулосалар олинди. Ва бу ишлар яна 18та туманда давом эттирилмоқда.
Соғлиқни-сақлаш вазирлигининг “Соғлиқ-3” лойиҳаси бюроси ва Ҳамширалар уюшмаси билан ҳамкорликда республикада 1,5 минг ўқув семинарлари ташкил қилиниб, 500 ошиқ маҳаллий тренерлар тайёрланди. Улар ҳамширалар орасида репродуктив саломатлик, кўкракда эмизишнинг аҳамияти, юқумли касалликлар профилактикаси масалаларида иш олиб бормоқдалар.