Ўзбекистонда ҳар бир вилоятда 1-2 тадан мева-сабзавот кластерлари ташкил этилади

Дата: 13:48, 30-03-2018.

Тошкент. 30 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ҳар бир вилоятда 1-2 тадан мева-сабзавот кластерлари ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2018 йилда ҳар бир ҳудудда 1-2 та мева-сабзавот кластерлари ташкил этсин ва 2019 йилдан бошлаб мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашган барча туманларни қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг кластер шаклига жалб этсин”, - дейилади Ўзбекистон президентининг 29 мартда имзоланган “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони матнида.

Шунингдек, “мева-сабзавот кластерларига ички ҳамда ташқи бозордаги эҳтиёж ва тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, маҳсулот етиштириш ҳажми, уларнинг нави ва турини белгилаш, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари билан улар томонидан тайёрланаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш юзасидан шартномалар тузиш бўйича мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи тақдим этилиши” кўзда тутилмоқда.

Ҳужжатда мева-сабзавот кластерларига кўчатзорлар, жумладан логистика марказлари (музлатгич, омбор, қайта ишлаш қувватлари, лаборатория, машина-техник станциялари учун инфратузилма бинолари)ни ташкил қилиш учун ер майдонлари ажратиш тўғрисидаги қарорлар тезкор қабул қилиш белгилаб ўтилган.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ирригация ва коллектор қурилмаларини тозалашда ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган.

Сурат манбаи: http://etoday.kz/business-and-economy/31696-uzbekistan-eksportiroval-v-proshlom-godu-ovoschey-i-fruktov-na-708-mln.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: