Ўзбекистонда арабча-ўзбекча “Ал-қомус” луғатининг I томи чоп этилди
Тошкент. 24 июл. ЎзТАГ – Ғафур Ғулом номидаги ўзбек нашриёти томонидан тўрт томлик арабча-ўзбекча “Ал-қомус” қомусий луғатининг I томи чоп этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Нашриёт маълумотларига кўра, академик Неъматуллоҳ Иброҳимов таҳрири остида чиқарилган китоб оригинал манбалар асосида тузилган. Ушбу китобнинг чоп этилиши Ўзбекистон маданий ҳаётида катта воқеа бўлди.
Араб тили семит тиллари гуруҳига кириб, дунёдаги энг қадимий, чиройли ва бой тиллардан бири саналади. Қуръон ва ҳадислар ушбу тилдадир.
Ҳар қандай тилни луғатсиз ўрганиб бўлмайди.
“Ал-қомус” луғатининг биринчи жилдидан араб алифбосининг еттита ҳарфи ўрин олган. Китобнинг ён томонида ҳар бир ҳарф жойлашган саҳифаларни осонликча топишга ёрдам берувчи тўқ рангли белги қўйилган. Бунга ҳам луғатчилик борасида йўлга қўйилган янгилик деб қараш мумкин.