Ўзбекистонда ҳарбий алоқа мутахассисларини тайёрлашнинг кенг қамровли тизими яратилмоқда

Дата: 10:55, 27-12-2019.

Тошкент. 27 декабрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ҳарбий алоқа мутахассисларини тайёрлашнинг кенг қамровли тизими яратилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтига, шунингдек, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги ҳарбий қисмга ташриф буюрди", - дея хабар қилди президент матбуот хизмати.

Таъкидланишича, давлатимиз раҳбари фармойишига кўра, Ўзбекистон Қуролли кучлари Олий бош қўмондони ҳарбий ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа институти ҳамда ҳарбий қисм қайта ташкил этилиб, янги замонавий ҳарбий шаҳарчага кўчирилди.

Президентимиз бу ерда яратилган шароитлар, ўқув-тарбия жараёни, замонавий ўқув-тарбия воситалари, жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражаси билан танишди.

"Ташриф асносида ҳарбий хизматчилар, вазирлик ва идоралар, Фанлар академияси (ФА) раҳбарлари, етакчи техника олий ўқув юртлари ректорлари билан суҳбат бўлиб ўтди. Ҳарбий таълимни ривожлантириш, ҳарбий алоқа мутахассисларини танлаш ва тайёрлашнинг кенг тизимини яратиш бўйича кейинги қадамлар белгиланди", - дейилади хабарда.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарига ҳарбий қисмда амалга оширилган қурилиш ишлари, мудофаа тизимидаги алоқа тармоқларини модернизация қилиш, жанговар ва ўқув тайёргарлик жараёнларини автоматлаштириш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Бундан ташқари, Ш.Мирзиёев ҳарбий қисмда қурилишда мавжуд бўлган махсус техника ва алоқа воситалари намуналари билан танишди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: