Ўзбекистонда ҳарбий хизматга чақиришнинг янги тартиби жорий этилди

Дата: 10:37, 06-09-2019.

Тошкент. 6 сентябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ҳарбий хизматга чақиришнинг янги тартиби жорий этилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Президент 2019 йил 5 сентябрдаги "Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 564-сонли қонунни имзолади", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қонун билан 10 дан ортиқ қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Қайд этилганидек, "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги қонунга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, энди муддатли ҳарбий хизмат муддати календар ҳисобида 12 ой (шу кунгача оддий аскар ва сержантлар таркиби учун – 12 ой (олий маълумотли шахслар учун – 9 ой); офицерлар лавозимларида чақирилаётган офицерлар таркиби учун – 9 ой бўлган) қилиб белгиланади.

Шунингдек, энди фуқароларни ҳарбий хизматга қабул қилиш сўнгги ўқув йилининг апрель-май ойларида умумтаълим мактабида ёки ўрта махсус таълим муассасасида амалга оширилади (шу кунгача улар 16 ёшга тўлган апрель-июнь ойларида амалга оширилган).

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

Сурат манбаи: norma.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: