Ўзбекистонда ҳарбий хизматга чақирувни баҳорга кўчириш режалаштирилмоқда
Тошкент. 11 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизматга чақирув 2019 йил феврал-мартдан март-апрелга кўчириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, чақирувнинг кўчирилиши феврал ва мартдаги совуқ об-ҳаво билан боғлиқ. Ҳарбий хизматга чақирув тадбирлари мамлакат бўйлаб кўплаб биноларда ўтказилади, бу эса белгиланган иссиқлик ҳароратини таъминлашда қатор қийинчилик ва сарф-ҳаражатларнинг ортишига олиб келмоқда.
Бундан ташқари, аксарият ҳолатларда ноқулай об-ҳаво шароити мамлакатнинг узоқ ҳудудларида яшовчи фуқароларни ўз вақтида чақирув ва йиғин пунктларига етиб келишларига тўсқинлик қилмоқда. Шунингдек, қиш мавсумидаги йўллар ҳолати олис ҳудудларда яшовчи фуқароларнинг чақирув тадбирларида тўлиқ иштирок этишини қийинлаштирмоқда.
Чақирув даврининг қиш мавсумидан баҳор мавсумига ўтказилиши тадбирлар учун қулай шароитлар яратишга имкон беради.
Мудофаа вазирлиги томонидан “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Армияга чақирув муддатларни ўзгартириш ташаббуси Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевга тегишли бўлиб, президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2018 йил 28 ноябрдаги кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида ўртага ташланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон муддатли ҳарбий хизматга чақирув бир йилда бир марта ўтказилади.
Сурат манбаи: http://mudofaa.uz