Ўзбекистонда Ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича марказлар ташкил этилади

Дата: 16:47, 13-12-2018.

Тошкент. 13 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича марказлар ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Улар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 12 декабрдаги қарорига мувофиқ ташкил қилинади.

“Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин”, - дейилади ҳужжат матнида.

Ҳужжатга мувофиқ, марказга мудофаа вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади, марказ директори мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шароитларига кўра мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғининг ўринбосарига тенглаштирилади.

Шу билан бирга, марказларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Сурат манбаи: sputnik-ossetia.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: