Ўзбекистонда ҳарбийларнинг болалари ОТМга киришда имтиёзлар олдилар
Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ҳарбийларнинг болалари ОТМга киришда имтиёзлар олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу меъёр Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 22 июндаги 462 сонли қарори билан мустаҳкамланган.
25 июндан бошлаб “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари фарзандларининг квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат расман кучга кирди.
Қарорга мувофиқ, тавсияномалар мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар (идоралар)нинг ҳақиқий хизматни ўтаётган офицерларига, сержантлар ва оддий аскарлар таркибига мансуб бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга бевосита командирлари (бошлиқлари) тавсияномасига асосан берилади.
Шунингдек, тавсияномалар ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ярадорлик, контузия, шикастланиш ёки касалликлар оқибатида ногирон бўлиб қолган ЎзР. Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг офицерлари, сержантлар ва оддий аскарлар таркибига мансуб бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчилари фарзандларига берилади.
2018 йилги тавсияномалар жорий ойда берилади.
Низом Ўзбекистон президентининг “Қуролли Кучлар ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган.
Сурат манбаи: https://www.norma.uz/novoe_v_zakonodatelstve/vuzam_prodlili_lgoty