Ўзбекистонда армияга чақириқ эълон қилинди

Дата: 11:48, 22-12-2016.

Тошкент. 22 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хужжатга мувофиқ, чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқига эга бўлмаган чақирув ёшидаги фуқаролар 2017 йилнинг феврал-март ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

“Муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ ушбу чақирув мобайнида Қуролли Кучлар сафига чақирилмайдиган фуқаролар сафарбарлик чақируви резервига олинади”, - дейилади хужжат матнида.

Бундан ташқари, муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар 2017 йилнинг феврал-апрел ойларида Қуролли Кучлар резервига бўшатилади.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг котиби В.Маҳмудов зиммасига юкланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: