Ўзбекистонда артистлар учун лицензия олиш тартиблари қаттиқлаштирилди
Тошкент. 18 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда артистлар учун лицензия олиш тартиблари қаттиқлаштирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
CA-NEWS маълумотига кўра, “Ўзбекконцерт” давлат уюшмасида бадиий кенгаш тузилди.
“Эндиликда лицензия олишни истаган артистлар таниқлик клипмейкер, режиссёр, шоир, аранжировкачи ва композиторлар олдида куйлаб бериши зарур. Бадиий кенгашнинг яқиндаги йиғилишида 32 хонанда тингланди”, - деб ёзади нашр.
Олдин эса лицензия олишни истаган хонандалар қўшиқни дискка ёзиб, уни матни билан бирга кенгашга тақдим этар эди. “Ўзбекконцерт” давлат уюшмаси Махсус рухсатномалар бериш бўйича ташкилий бошқарув бўлими бошлиғи Одилжон Абдуқаҳҳоров 1 июлдан лицензия талаблари кучайтирилгани ҳақида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, энди ўзбек хонандаларига бадиий кенгашнинг рухсатисиз ўз клипларини интернетга жойлаштириш таъқиқланади. Бу иш миллий анъаналарга риоя қилиш ва миллий менталитетга қарама қарши бўлган клипларнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида қилинмоқда.
Миллий анъаналарга мос кемайдиган клиплар эфирдан олиб ташланади. Янги тартибга кўра, концерт ўтказишга лицензия олиш учун хонанда дастурга кирувчи камида 60% қўшиқларни жонли куйлаши зарур.
11 июлда “Ўзбекконцерт” қатор хонандаларни лицензиядан маҳрум қилди. Маълумот ўрнида, “Ўзбекистонда хонандалик фаолиятини бир йилга бериладиган махсус лицензия ёрдамида амалга ошириш мумкин.