Ўзбекистонда қатор муҳим кадр тайинловлари амалга оширилди

Дата: 16:37, 29-01-2019.

Тошкент. 29 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда қатор муҳим кадр тайинловлари амалга оширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги фармонига мувофиқ, Эльяр Мажидович Ганиев Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланди. Шу муносабат билан у Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан озод этилди”, - дейилади мамлакат президенти матбуот хизматининг хабарида.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги фармонига мувофиқ, Нодир Собирович Отажонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди”.

Маълум қилинишича, шу муносабат билан у Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ташқи савдо фаолиятини, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш саноатини ва енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги фармонига мувофиқ, Жамшид Абдухакимович Ходжаев Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига тасдиқланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири лавозимидан озод этилди”.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги қарорларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосарлари тайинланди. Хусусан, Сунатулла Хусанович Бекенов Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди. Лазиз Шавкатович Кудратов Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди, шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди. Ўз навбатида, Шуҳрат Абдушарифович Вафаев Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди, шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари лавозимидан озод этилди. Шунингдек, Шуҳрат Вафаевга Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижро этувчи директори вазифасини бажариш ҳам юклатилган. Бадриддин Нурутдинович Абидов Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди, шу муносабат билан ташқи савдо вазири ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Сурат манбаи: inform.kz

Янгилик билан ўртоқлашиш: