Ўзбекистонда аудит тўғрисидаги қонун такомиллаштирилади

Дата: 17:44, 09-06-2016.

Тошкент. 9 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг «Аудит тўғрисида”ги қонуни такомиллаштирилиши мумкин. Бунга доир таклифлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг йиғилишига киритилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қуйи палатадан хабар беришларича, йиғилишда “Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги” Қонуннинг ижроси юзасидан Фарғона вилоятида ўтказилган назорат-таҳлил тадбири якунлари кўриб чиқилган.

Тадбирда таъкидлангани каби, 2015 йилда вилоятдаги аудиторлик ташкилотлари томонидан 662 та хўжалик юритувчи субъектларда аудиторлик текширувлари ўтказилиб, кўрсатилган хизматлар ҳажми 1975,3 млн сўмни ташкил этган.

Жумладан, ўтган йилда мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган ташкилотларда 252 та (750,3 млн.сўм), хўжалик юритувчи субъектларнинг ташаббуслари асосида 237 та (549,7 млн.сўм) текширувлар ўтказилган бўлса, 173 та (675,3 млн.сўм) объектларда профессионал хизматлар кўрсатилган.

Мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилган хўжалик юритувчи субъектларда ҳудудий солиқ органлари томонидан солиқ қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан ўтказилган текширишларда бюджетга қарийб 600 млн сўм солиқлар ва мажбурий тўловлар тўланмаганлиги аниқланган. 

Йиғилишда “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунни такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: