Ўзбекистонда Автомобиль транспортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади
Тошкент. 7 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Автомобиль транспортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Илмий-тадқиқот ишлари, йўловчи автовокзаллари ва автостанциялари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қарашли бўлган умумий фойдаланишдаги йўловчи йўналишлари оралиқ бекатларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича дастурлар, автотранспорт воситаларини харид қилиш ва автомобиль транспортини бошқариш тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ўзавтотранс” агентлигини сақлашни молиялаштириш мақсадлари учун юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг Автомобиль транспортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилсин”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 мартдаги ПҚ-3589 сонли “Автомобиль транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида.
Шунингдек, ҳужжат билан жамғармани молиялаштириш манбалари белгиланган бўлиб, улар шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобилда йўловчилар ва юк ташишларни амалга оширишга лицензиялар бериш ва уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун тўланадиган давлат божи маблағларининг 100 фоизи; “Ўзавтотранс” агентлигининг ҳудудий бошқармалари инспекторлари томонидан автомобиль ташувлари соҳасида тузилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомалар бўйича ундириладиган жарималар суммасининг 84 фоизи; Жамғармага юкланган вазифаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорлар кредитлари (заёмлари) ва грантлари; давлат ва хусусий ҳамкорлик доирасидаги хусусий инвестициялар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан иборат.
Сурат манбаи: https://bnews.kz/ru/tag/passazhirskii_avtobus