Ўзбекистонда автомобилда биргаликда сафар қилиш учун илова ишлаб чиқилди

Дата: 09:43, 17-03-2017.

Тошкент. 17 март. ЎзТАГ – Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) талабалари “Great Gate” компанияси билан ҳамкорликда автомобилда биргаликдаги саёҳат учун илова ишлаб чиқдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

IUT маълумотига кўра, смартфон фойдаланувчилари PoPuti.uz иловасини юклаб олишлари мумкин. Хизмат пул ҳамда вақтни тежаган ҳолда бутун Ўзбекистон бўйлаб ҳаракатланиш имконини беради.

Инновациялар ва саноат кооперацияси марказида ишлайдиган IUT талабалари, бир неча ой давомида Android ва iOS платформасида ишлайдиган мобил иловалар ҳамда вебсайтни ишлаб чиқишди.

“Биз PoPuti.uz мобил иловалар ҳамда вебсайтини фойдаланувчилар учун максимал даражада қулай қилиб яратишга ҳаракат қилдик. Биз мазкур лойиҳамиз устида ишлашни давом этамиз. Ўйлайманки, мазкур лойиҳа транспорт-логистика соҳасининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади”, - дейди IUTнинг 2-курс талабаси Сардор Исломов. У лойиҳа транспорт-логистика соҳасига фойда келтиради деб ҳисоблайди. 

“Мазкур хизмат ёрдамида инсонлар осонгина ўзларига йўловчи-ҳамроҳ топишлари мумкин. Тизимда чат ҳам мавжуд бўлиб, унинг ёрдамида автомобиль эгаси ҳамда йўловчи сафар вақтини ёки йўналишини муҳокама қилишлари мумкин. Шунингдек, лойиҳа қатнашчилари бир-бирларини баҳолашлари мумкин”, - қўшимча қилди С. Исломов.

Эслатиб ўтамизки, PoPuti.uz лойиҳаси райдшеринг хизмати саналади. Райдшеринг – онлайн-хизмат воситасида йўловчи-ҳамроҳ излаган ҳолда хусусий автомобилдан фойдаланишдир. Бунда ёнилғига кетадиган харажат автомобиль эгаси ҳамда йўловчи ўртасида тенг тақсимланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: