Ўзбекистонда автомобилдан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича ишончномаларни ҳисобга қўйиш талаби бекор қилинади

Дата: 17:58, 13-07-2017.

Тошкент. 13 июл. ЎзТАГ – 2018 йил 1 январдан Ўзбекистонда автомобилдан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича ишончномаларни ҳисобга қўйиш талаби бекор қилинади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 11 июлдаги мамлакатда йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори билан кўзда тутилган.

“2018 йил 1 январдан Ўзбекистонда автотранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) эгалик қилиш, ижара шартномалари, беғараз фойдаланиш, гаров, лизинг ҳуқуқлари учун ишончномаларни йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларига тақдим этиш ҳақидаги талаб бекор қилинсин. Бунинг ўрнига нотариуслар ушбу ҳужжатларнинг электрон кўринишини ЙҲХБга йўналтириши тартиби йўлга қўйилади”, - дейилади хужжатда.

Хужжатда талаб катта бўлган автомобил рақамларини олиш тартиби ҳам белгиланган.

“2017 йилнинг 1 сентябридан бошлаб автотранспорт воситалари учун талаб катта бўлган рақам ва ҳарфлар комбинациясини юқори тўлов ставкаси бўйича уларни бериш жараёнида танлаб олиш (аукцион ўтказиш йўли билан) тартиби жорий этилсин”, - дея қайд этилади қарорда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: