Ўзбекистонда автосуғурталаш тўғрисидаги шартномалар турли муддатларга тузилади

Дата: 15:50, 16-04-2018.

Тошкент. 16 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда автосуғурталаш тўғрисидаги шартномалар турли муддатларга тузилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар билан кўзда тутилган. Тегишли қонун лойиҳаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Лойиҳа хорижий мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Хусусан, Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон қонунчилигида суғурта шартномаси бир йилгача муддатга тузилади, шунингдек, ҳар бир транспорт воситасига алоҳида суғурта полиси берилади.

Қонун лойиҳасига мувофиқ фаолияти лицензияланадиган транспортда йўловчиларни ҳамда уларнинг мол-мулкини тижорат асосида ташиш бўйича хизматлар кўрсатадиган юридик шахсларга ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини уч ойдан бир йилгача муддатга тузиш ҳуқуқи берилмоқда.

Ушбу норманинг қўшилиши ташувчиларга лицензияларнинг амал қилиш муддатига қадар суғурта шартномасини тузиш, лицензияларни бекор қилиш ва қайтадан рўйхатга олиш учун ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймаслик имконини беради.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши, таъкидланганидек, лицензияланадиган транспортда йўловчиларни ташиш бўйича хизматлар кўрсатадиган ташувчилар учун шарт-шароитлар яратади.

Сурат манбаи: http://www.biglion.ua/deals/loers-90/

Янгилик билан ўртоқлашиш: