Ўзбекистонда автойўлларда таъмир ишлари ҳажми яримдан кўпга ўсди

Дата: 09:49, 06-01-2018.

Тошкент. 6 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2017 йилда автойўлларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳажми 2016 йилга нисбатан 56%га ошди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси маълумотларига кўра, 2017 йилда 6513,5 км.дан ортиқ умумий фойдаланишдаги ва минтақавий автомобиль йўлларида қуриш, қайта қуриш ҳамда таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Шу жумладан, Инвестиция дастури асосида 260 км узунликдаги автомобиль йўллари реконструкция қилинди, халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги 175,5 км умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари капитал таъмирланди. 

Минтақавий (ички) йўлларни таъмирлаш бўйича 3228 км дан ортиқ минтақавий автомобиль йўллари таъмирланди. Президент қарори бўйича жорий йилда 2700 км ички йўллар таъмирланиши кўзда тутилган бўлиб, бу кўрсаткич бўйича 19,6 %лик натижага эришилди.

Жорий таъмирлаш ва сақлаш ишлари бўйича 2850 км.дан ортиқ автомобиль йўллари ҳолати яхшиланди. 

Ўтган йилда мамлакат ҳудудларидаги бир қанча кўприклар таъмирланиб, янгилари бунёд этилди. Улар жумласига – А380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов” йўлида жойлашган – “Аму-Бухоро” канали устидаги ҳамда М39 автомобиль йўлидаги – Зарафшон дарёси устидан ўтган янги кўприклар ишга туширилди, Бухоро вилоятининг Олот ҳамда Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги янгидан таъмирланди.

2017 йилда қўмита ташкилотлари тарафидан 118 та йўл қурилиш техникалари ва 3 дона асфальтбетон ишлаб чиқарувчи заводлар харид қилинди. 

Бундан ташқари, Хитой Халқ Республикасининг "Xuzhou Construction Machinery Group Imp&ExpCo., Ltd" ("XCMG") компанияси ўртасида 220 та замонавий йўл қурилиш-таъмирлаш техникаларини етказиб бериш бўйича $30,2 млн миқдорида шартномалар имзоланди.

Сурат манбаи: http://new.jizzaxcity.uz/economy/170-jizzaxda-yollar-ravonlashmoqda.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: