Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномалари шахсни тасдиқлаш хужжати мақомини олади

Дата: 16:00, 20-06-2017.

Тошкент. 20 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномалари шахсни тасдиқлаш хужжати мақомини олади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Вазирлар Маҳкамасининг 19 июндаги 389-сонли қарорида таъкидланишича, улар хорижда фойдаланиладиган ID-карталарнинг муқобили бўлади.

Янги ҳайдовчилик гувоҳномалари пластикдан тайёрланиб, жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами (ЖШ ШИР) ҳамда қурилмалар ўртасида контактсиз маълумотлар алмашиш имконини берувчи махсус электрон белги (NFC смарт-карт) билан таъминланади.

2021 йилнинг 1 январига қадар техник кўрикдан ўтганлик тўғрисидаги маълумотлар, автотранспортга эгалик қилиш ёки ундан фойдаланиш учун ишончнома, фуқаролик мажбурияти суғурта полисига эгалик босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилади – улар NFC чипи ичига киритилади. Ушбу ҳужжатларнинг қоғоз шаклини мажбурий расмийлаштириш бекор қилинади.

Шунингдек, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш жараёни соддалаштирилди. Қарорга мувофиқ, янги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ҳайдовчилар фақат паспорт ва эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда талон тақдим этадилар холос.

Янгилик билан ўртоқлашиш: