Ўзбекистонда аёл тадбиркорларга 2,8 трлн сўмлик кредитлар ажратилади
Тошкент. 9 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда аёл тадбиркорларга 2,8 трлн сўмлик кредитлар ажратилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Сизларга маълумки, биз 2018 йилни юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қуватлаш йили, деб эълон қилдик. Шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастури доирасида тадбиркор аёлларга бу йил 2 триллион 800 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратиш мўлжалланмоқда”, - дейилади Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқида.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш бўйича икки йиллик мораторий эълон қилингани, деб давом этди давлат раҳбари, оилавий бизнес, касаначилик, хусусий тадбиркорлик ривожи учун кенг имкониятлар очиб бермоқда. “Жумладан, бир қатор вилоятларда олий ўқув юртларининг филиаллари, истеъдодли ўғил-қизларимиз учун улуғ адибларимизнинг номлари билан аталган ижод мактаблари ҳамда “Темурбеклар мактаблари”, “Улуғбеклар мактаблари” барпо этилди”, - деб таъкидлади Мирзиёев.
Албатта, миқёси ва кўлами тобора кенгайиб бораётган бундай эзгу ишларимиз ҳақида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин, деб таъкидлади Ўзбекистон президенти. “Лекин биз бу ишларнинг барчасини катта йўлдаги дастлабки қадамлар, деб биламиз. Ҳаётимизни янгилаш, оналаримиз, опа-сингилларимизни рози қилиш мақсадида бошлаган ишларимиз биз кутган амалий натижаларни бериши учун келгусида уларни янада кучайтирамиз”, – дея қайд этди давлат раҳбари.
Сурат манбаи: http://www.kultura.uz/view_2_r_10198.html