Ўзбекистонда аёл тренерлар тайёрлаш квотаси 260 кишигача кўпайтирилди
Тошкент. 19 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда қишлоқ спорт муассасалари учун аёл тренерлар тайёрлаш квотаси 260 кишигача кўпайтирилди. Бу ўтган йилдагига қараганда 40 кишига кўпдир, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ана шундай маълумотлар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида ташкил этилган “Мустақиллик йилларида хотин-қизлар спортининг ривожи: ютуқ ва муаммолар” мавзусида илмий-амалий конференцияда маълум қилинди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова қатнашди.
Ўзбекистон Маданият ва спорт ишларидан хабар беришларича, республикада хотин-қизларни, шу жумладан, уй бекалари, ташкилотлар ҳодималарини спортга жалб қилишга ҳаракат қилинмоқда. Шу мақсадда аёллар спартакиадаси, “Гимнастика барча учун”, “Нафосат олами” аёллар спорт фестиваллари ўтказилмоқда.
Қатор спорт турлари бўйича халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда яхши натижалар кўрсатган спортчи қизлар давлат мукофотлари билан тақдирланмоқда. Хусусан, 30 спортчи қиз Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлгани бунинг далилидир.
Бундан ташқари, “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақаларида иқтидорли ва салоҳиятли спортчилар сараланмоқда.


