Ўзбекистонда аёллар саратон келтириб чиқарувчи вирусдан эмлаш бошланади
Тошкент. 19 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда аёлларда учрайдиган бачадон бўйни саратонининг олдини олишга қаратилган одам папилломаси вирусига (ОПВ) қарши вакцина жорий қилинмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу масала вазирликнинг масъул ходимлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ ва ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари иштирок этган давра суҳбатида муҳокама қилинди.
“Дунёда ОПВга қарши вакцина билан қизлар 2006 йилдан бошлаб эмланади. Юздан ортиқ мамлакатлар ундан фойдаланиш учун рухсат олган, улардан 74 таси вакцинани ўзларининг миллий эмлаш календарига киритган. Кўп йиллик ўрганишлар вакцинанинг самараси 10 йилдан ортиқ эканини кўрсатмоқда. Шу ўринда, кўпчиликни вакцина қизларнинг репродуктив фаолиятига салбий таъсир кўрсатмайдими, деган савол қизиқтириши табиий. Дунёда ўтказилган тажрибалардан маълум бўлишича, ушбу вакцина қизларни нафақат бачадон бўйни саратонидан ҳимоялайди, балки уларнинг соғлиғини ҳам янада мустаҳкамлайди”, - деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходими Камола Сафаева.
Қайд этилишича, вакцинани етказиб бериш 2019 йилнинг I ярмида бошланади. Вакциналар жойларда Глобал вакцина ва иммунизация альянси ёрдамида қурилаётган музлатгичли омборларда сақланади. Октябр ойидан бошлаб 400 минг нафарга яқин 9 ёшли қизлар мактабларда ва тиббиётнинг бирламчи бўғинларида эмланади.
Сурат манбаи: sb.by