Ўзбекистонда аёлларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилади
Тошкент. 8 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ва ногирон хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, улар билан якка тартибда ишлаш тизими жорий этилади, деб хабар беради мамлакат президентининг матбуот хизмати.
“Оила” маркази ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилади. Судлар томонидан қарор қабул қилинаётганда, биринчи навбатда, ажралишларнинг олдини олиш, мазкур жараёнда аёллар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган чоралар кўриш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди”, - дея айтиб ўтилди 7 февраль куни хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилишда.
Шундан кейин таъкидланишича, жойлардаги фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари фаолияти танқидий ўрганилиб, уларга ўз вазифаси моҳиятини тушунадиган, адолатли, оилавий қадриятларимизни ҳурмат қиладиган, профессионал кадрлар тайинланади. Ишлаш истаги бўлган хотин-қизларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, аёлларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.
“Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир маҳалла кесимида иш олиб борилади. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, шунингдек, ўтган йили махсус рўйхатдан чиқарилган 2 минг 587 нафар диний оқим аъзоси бўлган аёлларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилади”, - дейилади хабарда.
Сурат манбаи: http://uzbekiston.site/la/8743ee827a40bf5f0f48adb56fa8d9c6/


