Ўзбекистонда Қаюм Насирий Институти таълим-маданий марказини очиш режалаштирилмоқда
Тошкент. 7 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Қаюм Насирий Институти таълим-маданий марказини очиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида Тошкентдаги Россия Фан ва маданият марказида “Бутунжаҳон татарлар конгресси” бирлашмалари халқаро иттифоқи Ижроя қўмитаси раиси Ринат Закиров маълум қилди.
Ижроя қўмитаси вакилларининг россиялик ватандошлар билан учрашувида Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси, Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Виктор Шулика ва Россия элчихонаси маслаҳатчиси Александр Сухановлар иштирок этишди.
Ўзбекистондаги татар диаспораси сони 300 минг киши атрофидага тенг.
Ринат Закиров ўз чиқишида Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига татар диаспораси манфаатларини қўллаб қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у ҳозирда Ўзбекистонда Қаюм Насирий Институти таълим-маданий марказини очиш режалаштирилаётганини таъкидлади. Бу ташкилот Қозон (Приволж) федераль университети бўлимидир.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга имкон берган бўлур эди.
Ўз навбатида, Виктор Шулика Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Тошкентдаги Татар жамоатчилик маданий-маърифий маркази ўртасидаги ҳамкорликка юқори баҳо берди.