Ўзбекистонда “Бўлажак прокурорлар клуби” очилди

Дата: 17:30, 23-02-2018.

Тошкент. 23 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси “Бўлажак прокурорлар клуби”ни ташкил қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, клубнинг очилиш маросими Тошкент давлат юридик университетида бўлиб ўтди. Тадбирда Бош прокуратура, Олий суд, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раҳбарлари ва масъул ходимлари, шунингдек Тошкент давлат юридик университети ректори ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети проректорлари иштирок этди.

Шундан кейин маълум қилинишича, тадбир давомида бўлажак прокурорлар клуби аъзоларига мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоялаш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишда ўз ҳиссаларини қўшишлари борасида маслаҳатлар берилди.

Таъкидланишича, маросимда 340 нафар талабага клубнинг бейджик ва значоклари ҳамда 35 нафарига фахрий ёрлиқлар топширилди.

Сурат манбаи: http://www.tsul.uz/ru/informatsiya/news/tseremoniya-nagrazhdeniya-chlenov-kluba-buduschih-prokurorov

Янгилик билан ўртоқлашиш: