Ўзбекистонда бўлажак юристларни мактабдан тайёрлай бошлашади

Дата: 11:01, 25-12-2018.

Тошкент. 25 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон мактадларида бўлажак юристларни тайёрлаш бўйича дастурлар амалга оширилади. Бу Халқ таълими вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги ўртасида имзоланган ҳамкорлик дастурининг йўналишларидан бири бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Халқ таълими вазирлигидан маълум қилишларича, томонлар дастур доирасида халқ таълими соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш ва қонун ҳужжатлари ижросини ташкил этиш, мазкур соҳага доир қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш, ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишда ўзаро ҳамкорлик қиладилар.

Хусусан, томонлар Ўзбекистон бўйлаб халқ таълими муассасаларида коррупцияга қарши курашиш ва “одоб-ахлоқ” ойлигини ўтказиш ҳамда коррупция ҳақида тезкор ва аноним хабар бериш тизимини такомиллаштириш бўйича иш олиб боришни режалаштирдилар.

Шунингдек, томонлар ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган халқ таълими соҳасидаги камчиликлар ҳамда юзага келаётган муаммолар бўйича тезкор муносабат билдириб бориш ҳақида келишиб олдилар.

Бундан ташқари, мактабларда “Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги” каби тадбирлар ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш учун махсус дарслар ўтказиш режалаштирилмоқда.

 

Сурат манбаи: http://zaksob.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: