Ўзбекистонда бўлиб ўтган жала селларни юзага келтирди

Дата: 17:46, 23-05-2016.

Тошкент. 23 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон ФВВ маълумотларига кўра, 10-16 май кунлари кучли ёғингарчилик натижасида Наманган, Сурхондарё, Навоий, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида сел оқимлари ва сув тошқинлари ҳодисалари кузатилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунинг оқибатида фуқаролар жабрланган, ҳудудлар ва транспорт тармоқларига зарар етган. Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш мақсадида ФВВ бўлинмалари томонидан зарур қутқарув тадбирлари амалга оширилган. Маънавий ва моддий зарар кўрган фуқароларга маҳаллий ҳокимият органлари томонидан зарурий ёрдамлар кўрсатилган.

Хусусан, 10 май куни Наманган вилояти “Чодок” ҚФЙ ҳудудида кучли ёмғир ёғиши оқибатида сел тошқини юзага келиб, 96та аҳоли хўжалиги зарар кўрган. 1та хўжалик бутунлай вайрона бўлган. Аҳоли хафвсизлигини таъминлаш мақсадида 129та хўжаликда яшовчи 205 нафар фуқаро вақтинчалик хавфсиз ҳудудларга кўчирилган.

Юзага келган фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишда ФВДқТнинг тегишли хизматларидан 32та техника, 197 нафар ходим жалб этилган.

11 май куни Тошкент вилояти Оҳангарон тумани “Қайирмасой” қишлоғи ҳудудида кучли ёмғир ёғиши оқибатида сел оқими вужудга келиб, А-373 “М-39 Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Андижон орқали-Ўш” автомобиль йўлининг 150-155 км қисмида узунлиги 50 м, эни 2,5-3 м масофада йўлнинг қатнов қисмига зарар етган. Фавқулодда вазият оқибатини бартараф этиш ишларига 57та техника, 129 нафар ходим жалб этилган.

16 май куни Навоий вилояти Конимех тумани ҳудудида кучли ёмғир ёғиши оқибатида сел оқими вужудга келди. Натижада “Тошкент-Урганч” темир йўлининг 157- кмга зарар етган. Фавқулодда вазият оқибатини бартараф этиш ишларига 7та техника, темир йўл поезди ҳамда 80 нафар ходим жалб этилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: