Ўзбекистонда бахшилар ижоди оммалаштирилади
Тошкент. 7 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш бўйича 2018–2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу Вазирлар Маҳкамасининг 26 апрелдаги 304-қарори билан қабул қилинган. Унга мувофиқ, Мустақиллик байрамининг 27 йиллиги арафасида республикада “Мустақиллик бахшилари” китоб-альбоми чоп этилади.
Сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган ҳудудларда бахшичилик санъатига оид адабиётлар кўргазмалари, достон ва терма санъатини тарғиб этишга қаратилган кўнгилочар тадбирлар уюштирилади.
Маҳаллаларда, истироҳат боғларида, таълим масканларида, санъат саройларида “Достон” кечалари, таниқли бахши-шоирлар билан ижодий учрашувлар ўтказилади.
Халқ бахшилари фаолияти ёритилган портретлар тайёрланиб, жойлардаги 312 та болалар мусиқа ва санъат мактабларига етказиш редалаштирилмоқда.
Илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, халқаро кўрик-танлов ва фестиваллар, давлат тадбирлари ҳамда хорижда ўтказиладиган Ўзбекистон маданият кунларида бахши-шоирларнинг иштирокини таъминлаш режалаштирилган.
Сурат манбаи: http://uza.uz/oz/culture/bakhshili-el-botir-el-15-08-2016