Ўзбекистонда балиқчилик саноатини ривожлантириш учун янги ЭИЗ ташкил этилмоқда

Дата: 14:28, 10-04-2018.

Тошкент. 10 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда мамлакатда балиқчилик саноатини янада ривожлантириш учун “Балик ишлаб чикарувчи” янги эркин иқтисодий зонаси (ЭИЗ) ташкил этилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6 апрелдаги “Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорида сўз боради.

Янги ЭИЗ суд қарори билан Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлигига берилган мол-мулк ва ер участкалари, шу жумладан, сув ҳавзалари негизида ташкил этилмоқда.

“Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗнинг асосий вазифалари сифатида ишлаб чиқариш, сунъий сув ҳавзаларини балиқлантиришни янада ривожлантириш ва балиқчилик хўжаликларини таъминлаш учун балиқнинг янги ва синалган турларини иқлимлаштириш орқали наслли балиқ чавоқларини яратиш кабилар белгиланган.

Бу ерда наслдор балиқ личинкалари етиштирувчи замонавий инкубацион цех фаолиятини ташкил этиш, балиқ чавоқларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, мавжуд балиқ чавоқларини етиштирувчи сув ҳавзаларини модернизация қилиш ва қайта таъмирлаш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, ЭИЗ олдига ўз эҳтиёжи ва балиқчилик хўжаликлари учун тўла қийматли ва юқори оқсилли озуқаларни ишлаб чиқариш бўйича замонавий қувватларни яратиш орқали озуқа базасини мустаҳкамлаш, дон ва дон экинларини экиш йўли билан буғдой ва сояга бўлган ўз эҳтиёжларини қондириш вазифаси қўйилмоқда.

Аҳоли эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, кейинчалик қўшни мамлакатларга экспорт қилиш учун балиқларни қайта ишлаш ва балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш (консерва, икра, балиқ уни ва бошқалар) бўйича замонавий комплексларни ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

ЭИЗ вазифалари орасида сувнинг гидрокимёвий таркибини лаборатория усулида таҳлил қилиш, балиқларни касалликлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, балиқ касалликларини аниқлаш, уларни даволаш чораларини кўриш, балиқ етиштириш, овлаш ва қайта ишлаш жараёнида инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини, шунингдек, мутахассислик йўналиши бўйича таҳсил олувчи таълим муассасалари талабалари учун балиқчилик тармоғида амалиёт ўташни ташкил этиш кабилар ҳам бор.

Қарорга мувофиқ, “Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади. Фаолият кўрсатиш муддати мобайнида “Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗ ҳудудида алоҳида солиқ, божхона ва валюта режимлари амал қилади.

Сурат манбаи: http://www.aloqada.com/News/2013/01/14/dlya_upravleniya_rybnoy_otraslyu_sozdadut_novoe_ministerstvo

Янгилик билан ўртоқлашиш: