Ўзбекистонда банд аҳоли сони 1,8% ўсди

Дата: 15:44, 26-10-2016.

Тошкент. 26 октябр. ЎзТАГ – 1 октябрга келиб Ўзбекистон иқтисодиётида банд аҳоли сони 13 млн 289,3 минг кишини ташкил қилиб, ўтган йилнинг муқобил давридагига солиштирганда 1,8% кўпайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жами иш билан бандлар таркибида давлат тармоғида бандлар улуши 18,1%ни (2015 йилда 18,3%), нодавлат секторида 81,9 %ни (81,7%) ташкил этди.

2016 йилнинг январ-сентябрида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликда иш билан бандлар улуши 77,8%гача (2015 йилда 77,5%) ўсган.

Таъкидланишича, иш билан бандлар сони иқтисодий фаолиятнинг ташиш ва сақлаш (3,8%га), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар (3,7%га), ахборот ва алоқа (3,4%га), қурилиш (3,3%га) ва савдо (2,8 фоизга) турлари бўйича сезиларли даражада ўсган.

Иқтисодий фаолият турлари кесимида иш билан бандлар улуши қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 27,5%ни, саноатда 13,6%ни, савдода 10,6%ни, қурилишда 9,7%ни, таълимда 8,3%ни ташкил этган.

Иш билан бандлар сонининг иқтисодий фаол аҳоли сонидаги улуши 94,9%ни, ўз навбатида республикада ишсизлик даражаси 5,1%ни ташкил этган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: