Ўзбекистонда бандликка кўмаклашиш фондини шакллантириш манбалари белгиланди

Дата: 15:59, 17-07-2018.

Тошкент. 17 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда бандликка кўмаклашиш фондини шакллантириш манбалари белгиланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг қарорига таянган ҳолда.

“Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси учун 2018 йилда Республика бюджетига қўшимча тушумлар ҳисобига 150 млрд сўм ажратилади, 2019 йилдан бошлаб эса бюджет параметрларида 300 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда қўшимча маблағлар ажратиш назарда тутилади”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 июлдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида.

Бундан ташқари, ҳужжатга мувофиқ, 15 июлдан бошлаб Меҳнат органлари ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари Бандликка кўмаклашиш жамғармасининг Меҳнатни рағбатлантириш жамғармасига ажратмалари ҳажмларининг 5 фоиздан 10 фоизгача оширилиши ҳисобига кенгайтирилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларининг бўш қолдиқларини тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштиришдан тушадиган 50 фоиз миқдордаги даромадлар Меҳнатни рағбатлантириш жамғармасига йўналтириш ҳам кўзда тутилмоқда.

Сурат манбаи: https://oadv.dk/bb-testside/paperwork/

Янгилик билан ўртоқлашиш: