Ўзбекистонда банк ҳисобварақлари ва карталарига тақиқ қўйиш тўхтатилди
Тошкент. 29 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда банк ҳисобварақлари ва карталарига тақиқ қўйишлар тўхтатилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Фуқаролардан, уларнинг банк депозит ҳисобварақларидаги (шу жумладан банк карталаридаги) маблағлар Мажбурий ижро бюросининг (МИБ) талабномаларига асосан хатланганлиги юзасидан шикоят ва эътирозлар келиб тушиши ҳолатлари ошганлиги сабабли, ҳозирги пайтда фуқароларнинг ҳисобварақларига тақиқ қўйиш тартиби қайта кўриб чиқилмоқда. Банк хизматлари истеъмолчиларининг омонатлари ва жамғармаларига нисбатан амалга оширилиши мумкин бўлган ноқонуний ва нотўғри ҳаракатлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида, жисмоний шахсларнинг банк ҳисобварақларига ва банк карталарига тақиқ қўйилиши тўхтатилмоқда”, – дейилади Марказий банк (МБ) матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилганидек, бюро ва тижорат банкларининг барча ҳудудий бошқармалари мазкур қарор, шунингдек, банкларнинг жисмоний шахсларнинг банк ҳисоб рақамларига нисбатан бюронинг барча буйруқларини бажармасдан қайтарилиши тўғрисида хабардор қилинган.
Эслатиб ўтамиз, октябрь-ноябрь ойларида МИБ маълумотларига кўра, тижорат банклари турли қарзлар учун жисмоний шахсларнинг пластик карталарини блокировка қила бошладилар.
Сурат манбаи: makan.uz