Ўзбекистонда банк тизимида $759 минглик ўғирликлар фош этилди

Дата: 15:08, 19-10-2018.

Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон прокуратура органлари томонидан банк тизимида $759 минглик ўғирликлар фош этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Бошпрокуратура матбуот хизматига таянган ҳолда.

“Бош прокуратура қошидаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Андижон вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Ўзбекистон Миллий банки Андижон вилояти филиалининг мансабдор шахслари ва бошқалар олдиндан жиноий тил бириктириб, мазкур банк мижозлари ҳисобланган 10та хўжалик юритувчи субъектнинг валюта ҳисоб-рақамларида бўлган $759 минг маблағини уларнинг хабарисиз бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб рақамларига ноқонуний ўтказганлиги аниқланди”, - дейилади хабарда.

Мазкур факт юзасидан Ўзбекистон Миллий банки Андижон вилояти филиалининг мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” ва “г” бандлари (компьютер техникасидан фойдаланиган ҳолда ўта йирик миқдорда ўзгалар мулкини ўзлаштириш) ҳамда 209-модданинг 2-қисми “а” банди (қайта қилинган ёки хавфли рецидивист амалга оширган хизмат мавқеини суиистемол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Сурат манбаи: http://etoday.kz

Янгилик билан ўртоқлашиш: