Ўзбекистонда банклар мижозлардан тақиқланган комиссионларни ундиради – МБ

Дата: 15:33, 28-06-2019.

Тошкент. 28 июнь. ЎзТАГ - Марказий банкда қайд этилишича, Ўзбекистонда банклар мижозлардан тақиқланган комиссионларни ундирадилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Марказий банк 2019 йилнинг биринчи чорагида 20 тижорат банкларининг 212 филиалида ўз мижозлари билан тузилган шартномалар, шунингдек, банклар фойдасига амалга оширилган комиссион тўловлар бўйича танлаб ўрганилиш натижасида банклар томонидан қонун ҳужжатларида тақиқланган комиссионларни мижозлардан ундириб олиш амалиёти аниқланди", - дейилади банк матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, шу муносабат билан барча тижорат банкларига улар томонидан тақдим этилаётган хизматлар шартларини тўлиқ инвентаризация қилиш ва мижозларга асоссиз ундирилган комиссион тўловларини қайтариш бўйича кўрсатма берилди.

Қонунчиликка мувофиқ тижорат банклари кредит бюросининг хизматлари учун ҳамда гаров реестри хизматлари учун ҳақ тўлаш учун, шунингдек, 2018 йил 24 мартдан бошлаб, тижорат банклари мижозлардан мижознинг банк ҳисобига тушган маблағларни (кредит айланмаси учун) ўтказиш учун кредит талабномаларини (шу жумладан, кредитни ташкил этиш учун комиссия), кредит ҳисоб варақларига хизмат кўрсатганлик учун (шу жумладан, кредит бўйича ҳисобланган фоизлардан ташқари, ойлик комиссия тўловлари, кредитга хизмат кўрсатиш учун комиссиялар), кредитлар берганлик учун (бериладиган кредит суммасидан олинадиган бир марталик комиссия), шунингдек, жисмоний шахслар ва кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан кредит (микроқарз)ни муддатидан олдин тўлаганлиги учун мижозлардан тўловларни ундиришга ҳақли эмас.

Шунингдек, мижоз юқорида кўрсатилган тўлов турларини назарда тутувчи шартномаларда хизмат кўрсатувчи банкдан бекор қилишни талаб қилишга ҳақли. "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, истеъмолчининг ҳуқуқларини бузадиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган шартнома шартлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Шунинг учун банкнинг ушбу тўловлар шартномага мувофиқ амалга оширилганлиги ҳақидаги далиллари ғайриқонунийдир.

Бундан ташқари, МБ хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларда тижорат банклари фаолиятига нисбатан минимал талабларни тасдиқлади. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, барча банклар тақдим этилаётган хизматлар ҳақида тўлиқ ва ишончли маълумотларни тақдим этишлари шарт.

Сурат манбаи: rg.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: