Ўзбекистонда банкларга хорижий валютада операциялар амалга ошириш учун лицензия бериш амалиёти бекор қилинди

Дата: 15:08, 15-11-2017.

Тошкент. 15 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда банкларга хорижий валютада операциялар амалга ошириш учун лицензия бериш амалиёти бекор қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Марказий банк Бошқарувининг тегишли қарорига асосланган ҳолда.

Шу билан боғлиқ ҳолда барча тижорат банкларига чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш учун берилган лицензиялар қайта расмийлаштириб берилади.

Бундан олдин Марказий банк томонидан тижорат банкларига “Тижорат банкларига чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш учун лицензиялар бериш қоидалари”га мувофиқ Бош лицензия, “Банкларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан миллий валютада операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар берилар эди.

Эндиликда тижорат банкларининг хорижий валюта билан операциялари банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида амалга оширилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамизки, ушбу қарор Президентнинг валюта сиёсатини либераллаштириш тўғрисидаги қарорига мувофиқ қабул қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: