Ўзбекистонда барча рухсатномалар ва лицензияларни электрон шаклда бериш режалаштирилмоқда
Тошкент. 5 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда барча рухсатномалар ва лицензияларни электрон шаклда бериш имконини берувчи “Лицензия” ахборот дастурини жорий қилиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу топшириқни президент Шавкат Мирзиёев куни кеча ўтказган йиғилишда берди.
Президентнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. 2018 йил 1 январдан “ягона дарча” марказлари Халқ қабулхоналари ҳузуридаги Давлат хизматлари марказларига айлантирилди.
“Бугунги кунда мазкур марказлар томонидан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича ариза бериш, фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, лойиҳа ҳужжатларини келишиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга, якка тартибда уй-жой қуришга (реконструкция қилишга) рухсат бериш, сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсат бериш каби 201 та хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.
Кўрсатилаётган хизматлар турлари босқичма босқич кўпайтирилади, бу эса барча вазирлик ва муассасалар фаолиятини автоматлаштириш, улар орасида электрон ахборот алмашишни йўлга қўйишни талаб қилади.
“Йиғилишда бу муаммолар танқидий таҳлил қилиниб, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа тегишли идораларга 50 та давлат хизматлари бўйича электрон ахборот тизими ва электрон маълумотлар базасини яратиш, барча давлат хизматлари марказларини оптик толали интернетга улаш бўйича топшириқлар берилди”, - дейилади хабарда.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг билим ва уқувларини ошириш, уларни ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этишга ўргатиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Сурат манбаи: https://digital.report/reyting-elektronnogo-pravitelstva-oon-kazahstan-lidiruet-sredi-stran-sng-a-uzbekistan-pokazyivaet-samyiy-bolshoy-rost/